398 нафар мансабдор 449 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритаётгани маълум бўлди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларнинг бирида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 398 нафар бошқарув ходими 449 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.
Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 93 нафар бошқарув ходими 112 та тадбиркорлик субъектида, Сув хўжалиги вазирлигининг 26 нафар бошқарув ходими 35 та тадбиркорлик субъектида ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 279 нафар бошқарув ходими 302 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.
Юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Агентлик томонидан тегишли тақдимномалар киритилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйилди.
Шарҳлар