Қизил китобга киритилган 400 та тошбақани Ўзбекистонда олиб чиқишга уринган фуқаролар тўхтатиб қолинди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Фарход” чегара божхона пости ходимлари ҳамда Контрабандага қарши курашиш гуруҳи тезкор ходими томонидан, Бекобод шаҳар ДХХ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда, 400 дона тошбақаларни яширинча олиб чиқишга бўлган уриниш тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси хабар бермоқда.
Юртимиздан қўшни давлатга чиқиб кетиш учун “Фарход” чегара божхона постига пиёда холда кириб келган икки нафар фуқаро юклари божхона кўригидан ўтказилганида оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 153 дона тошбақалар борлиги аниқланди.
Шундан сўнг олинган маълумотлар асосида божхона ходимлари томонидан тадбир давом эттирилиб, “Фарход” чегара божхона пост атрофида тўхтаб турган автотранспорт воситасини холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автотранспорт воситасининг юкхонаси ҳамда салон қисмининг орқа ўриндиғида 4 дона қутиларга жойлаштирилган 247 дона тошбақалар борлиги аниқланди.
Табиий популяцияни сақлаб қолиш учун ушбу тур Қизил китобнинг янги нашрига киритилган. Айни дамда, 400 дона Ўрта Осиё тошбақалари, Бекобод шаҳар экология атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига вақтинча сақлашга топширилди. Кейинчалик улар табиатга қўйиб юборилади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шарҳлар