49 киши хот-догдан заҳарланган савдо нуқтасининг фаолияти тўхтатилди
Расмийлар Самарқандда хот-доглардан оммавий заҳарланиши сабабларини маълум қилди.
Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоатчилик саломатлиги қўмитасининг маълумотларига кўра, барча заҳарланиш ҳолатлари 14-15 август кунлари қайд этилган. Жабрланганлар Рудакий кўчасида жойлашган “Бир Зумда” тез овқатланиш шахобчасининг мижозлари бўлган.
Текширув давомида тез тайёрланадиган таомларни тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналарга ёрлиқ қўйилмагани, идиш-товоқ ювиш хонаси санитария қоидаларига зид равишда ташкил этилгани аниқланди. Бундан ташқари, корхона хавфсизлиги кафолатланмаган уйда тайёрланган салатлардан (“морковча”) фойдаланган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан 18 августдан бошлаб шахобча иши тўхтатилиб, унинг раҳбарига нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Қайд этамиз, хот-догдан жами 49 киши заҳарланган. 21 август куни барча жабрланганлар соғлиғи яхшилангани сабабли шифохонадан чиқарилган.
Шарҳлар