5-қаватдан йиқилиб, вафот этган аёлнинг эрига 9 йиллик қамоқ жазоси қўлланилди
27 март куни Бекобод туманида 28 ёшли аёл 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда мархуманинг турмуш ўртоғи Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан, 13 августда Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди томонидан ҳукм чиқарилди.
Унга мувофиқ муқаддам судланган Д.Х. Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Жабрланувчи Н. Х. (марҳума)нинг қонуний вакили Р.С. судланувчи Д.X. дан моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан тегишли ҳужжатларни тўплаб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан томонлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судига апелляция (кассация) инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш мумкинлиги маълум қилинади.
Шарҳлар