Bo'limsiz

5 млн сўмдан 22 млн сўмгача: Қонунчилик палатаси депутатларининг маоши қанча

Фото: Законодательная палата

2020 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига махсус банк карталари берилган. 2021 йилда бу пластик карточкага ҳар бир депутат учун ойига 10 млн сўмдан пул тушириб берилган. Бундан ташқари, уларга 7-8 миллион сўм атрофида ойлик маош тўланган. Натижада депутатлар ҳар ой 17-18 млн сўм даромад кўрган. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.

Бу борада Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нечта депутатлари билан суҳбатлашди. Халқ вакиллари ҳар ой пластик картага 10 млн сўмдан олаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

«Ҳа, ҳар ой банк картамга 10 млн сўм оламан. Бу яхши ишлашимиз ва молиявий муаммолар ҳақида ўйламаслигимиз учун қилинган. Ҳамма нарса меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган. Пул махсус ҳисобварақлардан ажратилади», — деди исми сир қолиш шарти билан гапирган депутатлардан бири.

Ҳукуматдаги бир қанча манбаларнинг тасдиқлашича, ҳозирда депутатлар ойига ўртача 18 млн сўм пул олади. Нима учун бу маълумот очиқ айтилмаслиги ҳақидаги саволга эса жавоб берилмади.

Манбалардан яна бири банк пластик карточкасига тушаётган 10 миллион сўм “махсус жамғарма”дан ажратилаётганлигини айтиб, бу пул маош эмас, балки давлатнинг ўзига хос “қўллаб-қувватлаши” эканини таъкидлади.

«Барча депутатларнинг квартира ва машиналари бор. Улар давлатдан миннатдор бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилишлари керак. Депутатлар маошининг ўзи 6-10 млн сўм, ушбу миқдор турли мезонларга боғлиқ. Айтилаётган 10 млн сўм эса ҳукумат махсус жамғармасидан ажратилади. Натижада ойлик даромад 16-20 млн сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, махсус карталар орқали маблағ ажратилиши тўхтатилиши ва иш ҳақи миқдорини ошириш режалаштирилганди. Ростини айтсам, шундан кейин нима бўлганини билмайман. Афтидан, карталар ҳали ҳам фаол», — деди у.

Шу билан бирга, баъзи депутатлар илмий даражалари, маълум ҳарбий унвонларидан келиб чиқиб, кўпроқ ойлик олишади. Умуман олганда, маошлар ойига 16 млн сўмдан 22 млн сўмгача, дейди манбалар.

Афсуски, депутатлар халқ вакили бўлишларига қарамай, маошлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни истамайдилар. Ана шундай депутатлардан бири Kun.uz билан суҳбатда маош бўйича маълумотларни ошкор этмаслик ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканини ва ҳатто оила аъзолари билан ҳам бу масала муҳокама қилинмаслигини айтган.

«Маошлар миқдори – қатъий белгиланган махфий маълумот. Оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар тўғри. Ойига 4,5 миллион сўм оламан. Масалан, Россия Давлат думасидаги депутатларнинг маоши юқори, ҳар бирининг ёрдамчиси бор. Иш сафарлари учун уларга катта пул берилади. Бизда эса бундай эмас», — дея шикоят қилди Қонунчилик палатаси депутати. 

Бошқа бир депутат эса ойига 20 млн сўм олишини очиқ айтди, бироқ барча тафсилотларга аниқлик киритмади. Яна бир депутат 16 млн сўм маош олишини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, унда илмий даража ва унвонлар йўқ.

2020 йилда Kun.uz Молия вазирлигидан депутатларнинг даромадлари ҳақида маълумот олишга уринган, бироқ бу борада аниқ рақамлар тақдим этилмаганди. Халқ вакиллари ҳисобланувчи депутат ойига 40 млн сўм маош оладими, 50 млн сўм маош оладими, бу ошкор қилинмайдиган маълумот бўлмаслиги керак. Қонунчилик палатаси фаолияти давлат бюджетидан молиялаштирилади. Бу ерда ҳеч қандай сир бўлмаслиги даркор. Аксинча, депутатлар, ўз даромадлари ҳақида очиқ гапиришлари, бу борада Ўзбекистоннинг кўплаб амалдорлари ва давлат хизматчиларига ўрнак бўлишлари лозим.

2019 йилда Молия вазирлиги депутатнинг маоши 1,5 млн сўмни ташкил қилиши ҳақида маълум қилганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.