5 суткага ҳибсга олинган инстаблогер апелляция шикоятини берди
Шу йил 11 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг қарори билан ижтимоий тармоқларда уятсиз видеолар тарқатган Insta-блогер С.С. 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар судлари хабарига кўра, 15 ноябрь апелляция инстанциясида С.С. га оид иш юзасидан чиқарилган суд қарорига ҳуқуқбузар томонидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилган. Бу ҳақда UzNews нашри Тошкент шаҳар судларининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
“Ўз шикоятида фуқаро С.С. қилган ишидан афсусда эканлигини билдириб, суд томонидан тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган », – дея қайд этади нашр.
Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни, шунингдек, шахси, ёши, бир нафар вояга этмаган боласи борлигини ва қилмишидан пушаймонлигини ўрганиб чиқиб, биринчи инстанция суди томонидан тайинланган жазони енгиллаштиришни зарур деб топди.
Шундай қилиб, Тошкент шаҳар судининг қарори билан Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди жазони ўзгартириб, маъмурий қамоқ жазосини 5 суткадан 4 суткага қисқартирди.
Натижада фуқаро жазони тўлиқ ўтаган, деб топилиб, Тошкент шаҳар ИИББ махсус тергов изоляторидан озод этилди.
Аввалроқ инстаблогер “ахлоқ меъёрларига зид бўлган вульгар характердаги фотосуратлар ва видео контентни чоп этгани, шунингдек, жамиятда ўзини тутиш қоидаларига қасддан эътибор бермагани учун” 5 суткага маъмурий қамоққа олинган эди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова томонидан инстаблогер Севинч Саъдуллаева устидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза киритилган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг «Газета.uz» нашрига маълум қилишича, тармоқда унинг иштирокидаги эротик видеолар эълон қилингани маъмурий иш қўзғатилишига сабаб бўлган. Хусусан, турли Телеграм каналларида унинг номидан эротик мазмундаги ёпиқ гуруҳларга олиб борувчи фотосуратлар ва видеолар чоп этилган.
Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бош бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова Xabar.uz нашрига берган интервьюсида Севинч Саъдуллаева 5 сутка ҳибсда бўлганидан сўнг касбга ўргатилиши, ишга жойлаштирилиши ҳамда унга психолог қабули тайинланишини айтган.
Шарҳлар