59 фоиз яъни 126 минг нафар ОТМ битирувчиси ҳали ҳам ишсиз
Бу йил олий таълимни тамомлаган битирувчилар сони 214 минг нафарга етган. Шунинг 88 минг нафари шартнома асосида корхона ва ташкилотларда расман ишламоқда. Қолгани ишга жойлашганича йўқ. Бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг айтишича, 95 минг нафар битирувчининг иш масаласи ҳал қилинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев 2023-2024 йилги олий таълим битирувчиларига оид ҳисоботни тақдим қилди.
Унга кўра, ўтган ўқув йилини тугатган 214 минг нафар битирувчининг тўлиқ рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олинган ва бандликка оид маълумотлар базаси билан солиштирилган.
Шунинг 41 фоизи, яъни 88 минг нафари ҳозирги кунда корхона ва ташкилотлар томонидан ягона миллий меҳнат тизими орқали меҳнат шартномаси асосида қабул қилингани аниқланган. Қолган 59 фоизи, 126 минг нафар битирувчи ҳали иш топмагани маълум бўлган.
Вазирга кўра, ишга жойлашмаган ёшларнинг муаммосини ҳал қилиш учун август-сентябрь ойларида тизим ташкилотлари билан иш олиб борилади.
Мусаевнинг айтишича, бугунги кунда ягона миллий меҳнат тизими орқали вакансиялар базасида 139 минг корхона ва ташкилотларнинг 358 мингта бўш иш жойи ҳақидаги маълумот жойлаштирилган. Шундан 81 мингтаси давлат ташкилотлари, 277 мингтаси эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Бўш иш ўринларининг 96 мингтаси хизмат кўрсатиш, 56 мингтаси таълим, 57 мингтаси саноат ва ишлаб чиқариш, 48 мингтаси қишлоқ хўжалиги, 26 мингтаси соғлиқни сақлаш, 32 мингтаси қурилиш, 5 мингтаси молия ва суғурта, 7 мингтаси алоқа ва ахборот технологиялари, 4 мингтаси маданият ва бошқа соҳаларга тўғри келади.
Шарҳлар