Тошкент вилояти ММТБ бўлим бошлиғи хонасида номаълум шахс 5 минг доллар қолдириб кетди

Фото: Генпрокуратура Узбекистана

16 август куни Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғининг хизмат хонасида номаълум шахс томонидан файл папка қолдириб кетилгани ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи борлиги аниқланган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар бермоқда.

Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан вилоят бошқарма бошлиғи ва бошқа масъул ходимлар гувоҳлигида далолатнома расмийлаштирилган ҳамда хизмат текшируви ўтказиш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.

Мавжуд вазият Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг шахсан назоратига олинди ҳамда ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўрнатилган тартибда хабардор қилинди. Айни вақтда зарур суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики, вазирлик томонидан тизимда коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш, бунга қарши муросасиз курашиш, соҳа фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини суистеъмол қилмаслиги, фуқаролар ва давлат хизматчилар билан ўзаро мулоқот майдонини яратишда қонуний талабларни таъминлаш бўйича зарур тушунтириш ишлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Вазирлик эслатишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра, пора олиш-бериш билан боғлиқ ҳаракатлар жиноят ҳисобланиб, ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Назокат Уразова ҳалоллиги учун вазирнинг тегишли буйруғи асосида лавозим маошининг 3 баробари миқдорида моддий рағбатлантирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.