Паралимпия ўйинларининг бугунги мусобақаларида 10 нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашади

Фото: ЎзА

Бугун, 4 сентябрь куни Франция пойтахти Парижда давом этаётган XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг еттинчи кунги мусобақаларида спортчилар 14 та спорт тури бўйича баҳслашади, деб хабар бермоқда ЎзА.

Кун давомидаги мусобақаларда 10 та спорт турининг 75 та медаллар жамланмаси учун шиддатли беллашувлар бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг 10 нафар спортчиси пара велоспорт, пара ўқ отиш, пара сузиш ва пара енгил атлетика мусобақаларида ўз омадларини синовдан ўтказади.

Еттинчи кунги мусобақалар остонасида паралимпиячиларимиз 6 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медали билан 182 та давлат орасида умумжамоада кучли ўнликда бормоқда.

Давлатлар кесимида 53 та олтин, 40 та кумуш, 22 та бронза медалига эга Хитой вакиллари пешқадамлик қилаётган бўлса, кейинги ўринларда Буюк Британия (30-18-13), АҚШ (20-18-11) делегациялари бормоқда.

Бугун кун мобайнидаги Паралимпия баҳсларида пара велоспортчиларимиздан Ғолиббек Мирзаёров, Азимбек Абдуллаев, пара ўқ отишда Сервер Ибрагимов, Шаҳноза Мамажонова, пара сузишда Дмитрий Хорлин, пара енгил атлетикада Кубаро Ҳакимова, Мадина Мухторова, Урганч Эгамназаров, Розия Эргашева ва Шаҳина Йигиталиева иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрга қадар давом этадиган Паралимпия ўйинларида 182 та давлатнинг 4 минг 400 нафар пара спортчилари қатнашмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.