8,5 тонна гиёҳвандлик воситаси Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди
Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикамизга хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қиляпти.
«Одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни, ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.
Аммо, божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида қарангки, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида” 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига биноан кўкнор сомони мамлакатимиз ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
«Таъкидлаш жоизки, битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилинишидек энг йирик кўрсаткич Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилмоқда», – дейилган хабарда.
Шарҳлар