8 ойда электр станцияларида 3 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди

Energiya vazirligi

30 август соат 16:45 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Бугунги кунда мамлакатнинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда битта шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.

Ушбу “яшил” электр станциялар томонидан 2024 йил 31 май соат 15:00 га қадар 1 млрд кВт·соат миқдорида, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,6 млрд кВт⋅соат миқдорида, 2024 йил 17 июль соат 18:20 ҳолатига кўра эса 2 млрд кВт⋅соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Бугун соат 16:45 да мамлакатдаги барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори жорий йил бошидан 3 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 2 млрд 677,8 млн кВт⋅соат, шамол электр станцияси томонидан эса 322,2 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

983,3 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

атмосферага 1 млн 291,1 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.

Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 1 миллион 875 мингта хонадоннинг 8 ойлик ёки 1 млн 250 мингта хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.

Ушбу кўрсаткичлар йил якунига қадар мазкур электр станциялар ва янги генерация қувватлари (“яшил” станциялар) ҳисобидан 5 млрд 740 млн кВт⋅соатга етиши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.