8 ойлик чақалоқ Санкт-Петербургдан Бухорога қайтарилди

Foto: Bolalar ombusdmani

Болалар омбудсманига Бухоро вилоятида яшовчи М.Т. (аёл) мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи О.Н. Россия Федерациясида бўлиш муддати тугаганлиги сабабли 2024 йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлганлиги, аммо 5 ойлик фарзанди М.З. (жорий йилнинг 25 январда туғилган қиз бола) Санкт-Петербург шаҳридаги болалар шифохонасида ота-она ғамхўрлигисиз ёлғиз қолганлигини билдирган.

Шунингдек, ҳозирда даволаш жараёни тугаган бўлсада, аёл фарзандини Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдириб, болани Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.

M.T.нинг фарзанди вақтидан аввал ва жуда кичик вазнда бир неча юрак касалликлари билан туғилиб, Санкт-Петербургдаги мазкур муассасада шифокорлар назорати остида бўлган ва даволаш жараёнида юрагига операция қилинган.

Шу билан бирга, касалхона маъмурияти билдиришича, боланинг 8 ой давомида даволаниш муолажалари ва операция учун ота-она томонидан тўлов амалга оширилмаган.

Ушбу мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорларидан бири боланинг шифохонада тиббий муолажалари учун тўловни қисқа фурсатда тўлаб берди.

Болалар омбудсмани Санкт-Петербургдаги қизалоқни Ўзбекистонга тез фурсатда қайтарилиши юзасидан зарур чоралар кўриш учун ТИВ ва ИИВга сўров киритган ва даволанишдан кейин бола ҳали тўлиқ тикланмаганлиги ҳамда авиақатнов пайтида соғлиғида муаммоларни олдини олиш мақсадида Болалар омбудсмани Соғлиқни сақлаш вазирлигига болани Ўзбекистонга олиб келишда махсус шифокор ҳамроҳлик қилишида амалий кўмак беришини сўраган.

1 сентябрь куни, Санкт-Петербург шаҳридан ватанга қайтарилган 14 нафар бола қаторида М.З. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва шифокорлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди ва ота-онасига топширилди.

Эндиликда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан боланинг соғлиғини сақлашга ва оилага ижтимоий кўмак кўрсатишга оид чоралар кўрилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.