8-синф қиз билан содир бўлган ҳолатга алоқадор гумонланувчилар орасида туман прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам бор

фото: rmag.eu

Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг Anhor.uz сўровига қўшимча маълумотлар берди.

Унга кўра, 2024 йил 6 октабрь куни вояга етмаган қиз прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, 2 октабрь куни бир неча шахс томонидан зўрланганлиги ва уларга қонуний чора кўришни сўраган.

Ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, жорий йил 30 октабрь куни вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда тайинланган судга оид тиббиёт ва биологик экспертизалари натижаларига кўра, жорий йил 31-октабр куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва терговга тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига юборилган.

Олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлари давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, терговга жалб қилинган ва 8 нафар шахс, шу жумладан Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган, 1 нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.