АҚШ 2023 йилда хорижга қурол-яроғ сотиш ҳажмини икки баравар оширди
2023 йил якунларига кўра, Америка мудофаа компаниялари чет элга 81 миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб берган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 56 фоизга кўп демакдир, деб ёзади Politico Давлат департаменти маълумотларига таяниб. 2022 йилда АҚШ хорижга 52 миллиард долларлик қурол сотганди.
Нашр маълумотларига кўра, бунда Украинага қурол етказиб бериш билан боғлиқ йирик олди-сотди битимлари етакчи ролни ўйнаган. Польша ва Германияга қарийб 30 миллиард долларга зарбдор ва транспорт вертолётлари сотувлари, шунингдек, узоқ масофали ракета қурилмалари етказмалари энг йириклари бўлган.
Газета даъво қилишича, қурол-яроғ савдоси ўсиши НАТОнинг Россияга қарши туриш шароитларида “энг замонавий қуролларни захира қилиб қўйиш”га интилишлари билан изоҳланади. Politico ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти “мамлакатларни Россия қуроли импортидан қайтариш ва ички мудофаа саноатини ошириш” мақсадида “фурсатдан фойдаланиб қолишга уринмоқда”.
Стокгольм дунё муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) 2022 йилда соҳадаги 100 та энг йирик компаниянинг қурол-яроғ ва ҳарбий хизматларни сотишдан олган фойдаси 597 миллиард долларни ташкил қилгани, айни вақтда савдо ҳажми ўтган йилгига нисбатан 3,5 фоизга камайгани ҳақида хабар берганди. SIPRI Америка ва Европа ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларига талаб ошганига қарамасдан, ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошира олмаганини қайд этганди. 2023 йил декабрида Путин Россия Мудофаа вазирлиги йиғилишида Россия армиясига қурол етказиб бериш 2022 йилга нисбатан уч марта ошганини айтганди.
Шарҳлар