Bo'limsiz

АҚШ акциядори ўзбекистонлик бўлган Урал КМКга нисбатан санкциялар жорий этди

Фото: Евгения Яблонская / Коммерсантъ

АҚШ Россиядаги Урал кон-металлургия компаниясига (УКМК) қарши блокловчи санкцияларни жорий этди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлигининг сайтида маълум қилинди, деб ёзади «Газета» нашри.

Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) 18 октябргача УКМК ва унинг назоратидаги корхоналар билан операцияларни йиғиштиришни кўзда тутувчи лицензияни чиқарди.

«Қора» рўйхатга (SDN-list) Урал КМК гуруҳига кирувчи “Уралэлектромедь” ва “УГМК-ОЦМ” компаниялари ҳам киритилган.

УКМК – Россиянинг кон-металлургия холдинги бўлиб, мамлакатдаги мис, рух, кўмир ва қимматбаҳо металларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири. 2022 йил март ойида УКМК компаниясининг асосчиси Искандар Маҳмудов (7,3 миллиард доллар бойлиги билан россиялик миллиардерлар рўйхатида 21-ўринда туради) ва Андрей Бокарев (2,7 миллиард доллар билан 47-ўрин) УКМК, «Кузбассразрезуголь» УК, «Восточный порт» АЖ ва «Ростерминалуголь» АЖни назорат қилувчи бенефициарлар бўлишдан тўхтаганини ҳамда улар кўрсатилган компаниянинг директорлар кенгаши таркибидан чиқишганини эълон қилганди. Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди.

Июнь ойи бошида Forbes нашри УКМКнинг 2022 йил учун молиявий ҳисоботига таяниб, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли, ҳозирда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Дониёр Комилов компаниянинг янги бенефициарига айланганини маълум  қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.