АҚШ Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатига киритди
АҚШ Россияга қарши санкциялар доирасида Алишер Усмоновни қора рўйхатга киритди, деб ёзади Spot нашри Швейцариянинг Handelszeitung нашрига таянган ҳолда.
Нашрнинг ёзишича, Усмонов билан бирга рўйхатда тадбиркор Геннадий Тимченко, Давлат думаси депутати Сулейман Керимов ва бошқа қатор йирик бизнесменлар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Алишер Усмонов компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Ҳукумат компания активларини музлатиш ва унга хизматлар кўрсатишни тақиқлашга қарор қилди.
Бундан ташқари, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги миллиардер Андрей Скоч билан алоқадор бўлган, бир йил аввал ҳам уларга нисбатан санкциялар жорий қилинган USM холдингининг икки акциядори Владимир ва Варвара Скоч қора рўйхатга киритилган.
Алишер Усмонов Россия ва Украина ўртасида жанговар ҳаракатлар бошланганидан бир неча кун ўтиб Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия санкциялари остида қолган эди. Бироқ АҚШ молия вазирлиги россиялик миллиардернинг махсус бош лицензияга эга компанияларини санкциялардан озод қилди.
Июль ойида Усмонов USM компаниялари банкрот бўлиш хавфига ишора қилган ҳолда, ЕИ санкцияларига суд орқали шикоят келтиришга урингани маълум бўлди.
Сентябрь ойида Венгрия расмийлари тадбиркорни санкциялар рўйхатидан олиб ташлашни талаб қилган, бироқ тез орада ўз илтимосини қайтариб олган.
Орадан бироз вақт ўтиб Европа Иттифоқи миллиардернинг синглиси Саодат Нарзиевага қўйилган чекловларни бекор қилди. Ноябрь ойида ОАВ Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўрагани ва унга ҳуқуқий ёрдам таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди. Алишер Усмонов шу йилнинг январь ойида нафақага чиқиши ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Санкцияларга қарамай, миллиардер Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишда давом этиш ниятини билдирган.
Шарҳлар