АҚШ мудофаа вазирида простата саратони аниқланди
Пентагон мудофаа вазири Ллойд Остин простата саратонидан даволанаётганини ва унинг яқинда касалхонага ётқизилиши сийдик йўллари инфекцияси туфайли бўлганини тан олди.
Бир кун олдин Оқ уй ва Пентагон ўтган ҳафта Остиннинг касалхонага ётқизилиши ва Остин ўз ваколатларини ўринбосарига топширгани ҳақида, Оқ уй расмийларини хабардор қилмаслик билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқаётганини айтганди.
Остин АҚШ армиясига қўмондонлик қилиш иерархиясида президент Жо Байдендан кейин иккинчи ўринда туради. Маълум бўлишича, 22 декабрь куни унинг илтимосига кўра у тиббий муолажадан ўтган, шундан сўнг асоратлар ривожланиб, 1 январь куни касалхонага ётқизилган.
Уолтер Рид номидаги Миллий Ҳарбий Тиббиёт Марказининг катта мутахассислари доктор Жон Мэддокс ва Грегори Честнат ўз баёнотида Остин простата саратонини даволаш учун простатектомия деб аталадиган «минимал инвазив жарроҳлик муолажасини» ўтказганини айтишди.
«У ушбу процедура давомида умумий анестезия остида бўлди, – дейди докторлар. – Вазир Остин операциядан асоратсиз тузалиб кетди ва эртаси куни эрталаб уйига қайтди. Унинг простата саратони эрта аниқланган ва прогнози жуда яхши”.
Бироқ, докторларнинг маълум қилишича, Остин 1 январь куни 22 декабрдаги процедурадан келиб чиққан асоратлар, жумладан, «қорин, сон ва оёқларда кучли оғриқлар ва кўнгил айниши» билан касалхонага қайта ётқизилган.
“Дастлабки текширувда сийдик йўллари инфекцияси аниқланди”, – деди улар.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, 2 январь куни Остинни яқиндан кузатиб бориш ва юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш учун реанимация бўлимига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
«Кейинги кўрик ингичка ичакни бузадиган суюқлик тўпланишини аниқлаган. Бу ичак таркибининг туриб қолишига олиб келган бўлиб, у ошқозон дренажи учун бурун орқали зонд киритиш йўли билан ҳал қилинди», – дейилади хабарда.
Шифокорларнинг қайд этишича, касалхонада пайтида унинг аҳволи аста-секин яхшиланган. Инфекцияси бартараф этилган.
Шарҳлар