АҚШ мудофаа вазирининг ёрдамчиси Ўзбекистонда чегаралар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича музокаралар ўтказди
АҚШ Мудофаа вазирининг махсус операциялар ва паст даражадаги низолар бўйича ёрдамчиси Кристофер Майер Ўзбекистонда чегара хавфсизлиги масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг республикадаги элчиси Дэниел Розенблюм ўз твиттерида ёзган, дея хабар беради “Спутник” нашри.
«Мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегациянинг ташрифи давомида сўнгги кунлар ичида Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича самарали музокараларда қатнашганимдан ва чегара хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилганимдан жуда мамнунман», — дейилади элчининг хабарида.
Аввалроқ Politico нашри Конгрессдаги манбаларга таянган ҳолда октябрь ойида Пентагон вакиллари Ўзбекистонда АҚШнинг аксилтеррорчилик кучларини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилиши ҳақида хабар берганди. Бироқ ЎзР ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов террорчиликка қарши курашиш учун Ўзбекистонда АҚШ қуролли кучларининг жойлаштирилиши мумкинлиги масаласи тургани йўқ ва бу муҳокама қилинмаганини таъкидлаганди. Республика мудофаа вазирлигида Пентагон делегациясининг ташрифи ҳақида ҳеч нима билишмаслигини билдиришди.
Шарҳлар