АҚШ пойтахтида Абу Райҳон Беруний бюсти ўрнатилди

Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросим меҳмонлари Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг бебаҳо илмий мероси, жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни билан яқиндан таништирилди. Ҳайкалнинг очилиши нафақат ўзбек олимининг улуғланиши, балки Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши рамзи эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши аъзоси Фредерик Старр Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.

Унинг айтишича, айнан Абу Райҳон Беруний Кристофер Колумб Американи кашф этишидан 500 йил аввал океан ортида ҳам қитъа борлиги ҳақидаги фаразни илгари сурган.

Тадбирни шарҳлар экан, иштирокчилар бюст нафақат Ўзбекистоннинг буюк ўтмиши, балки мамлакатимизнинг порлоқ келажаги рамзи бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлашди.

“Вашингтондаги бошқа давлатларнинг элчихоналаридан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон элчихонаси олдида сиёсатчи ёки ҳарбий раҳбар эмас, балки олим бюсти ўрнатилган. Бу алоҳида рамз. Бу мамлакатимизнинг кўп асрлик маданияти, узоқни кўзлаган ташқи сиёсати ва, албатта, ўзбек халқининг жаҳон илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини ифодалайди”, — дея таъкидлади улар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.