АҚШ ҳукумати ЕИ Ўзбекистон фуқароларидан транзит визаларини талаб қилиши кераклигини айтмоқда
АҚШ президенти администрацияси Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган саёҳатчиларга нисбатан кескин чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
АҚШ расмийлари Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун аэропорт транзит визаларини талаб қилишни сўраган. Бу Европа аэропортлари орқали транзит ўтаётган йўловчиларнинг Қўшма Штатларга ноқонуний йўллар билан киришга уринишлари билан боғлиқ хавотирлар кучайиши билан боғлиқ.
Нашр қайд этишича, бу эҳтимолий террорчиларнинг АҚШга киришини олдини олишга қаратилган. Огоҳлантириш бир гуруҳ муҳожирлар «ИШИД»га алоқадор контрабандачи ёрдамида АҚШга жануби-ғарбий чегарадан кириб келган воқеадан кейин берилган.
Аввалроқ CNN ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган контрабандачи ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирларга Мексика орқали АҚШга киришга ёрдам бергани ҳақида хабар берганди.
ФҚБ ушбу тармоқ орқали АҚШга кирган барча муҳожирларни ҳали аниқлаб бўлганича йўқ ва камида 15 нафар Ўзбекистондан келган муҳожирни қидириб топишга ҳаракат қилмоқда. Ўшанда жами 120 га яқин ўзбекистонлик чегарани кесиб ўтган, деб хабар беради Reuters. Бюро уларни «потенциал жиноий таҳдидлар» манбалари сифатида кўради, деб таъкидлайди CNN.
Агентлик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи бунга жавобан иттифоққа аъзо бўлган давлатлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш самаралироқ бўлишини, чунки умумевропа қоидаларини қабул қилиш узоқ давом этишини таъкидлаган.
Байден бу масалани 20 октябрь куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашувда кўтариши мумкин, дея аниқлик киритади Bloomberg. Оқ уй расмийлари бунга изоҳ беришдан бош тортган.
Шарҳлар