АҚШ ўз ҳарбий базасига қилинган ҳужумга жавобан Ироқ ва Суриядаги нишонларга зарбалар беришини эълон қилди
Оқ уй Американинг Иорданиядаги ҳарбий базасига қилинган ҳужумга жавобан, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги Эрон объектларига кетма-кет зарбалар бериш режаларини тасдиқлади, деб ёзади CBS News Жо Байден маъмуриятидаги манбаларига таяниб.
Зарбалар бир неча кун давомида берилади. Операцияни бошлаш вақтини аниқлашда об-ҳаво шароитларига таянилади. Америкалик ҳарбийлар ёмон об-ҳаво шароитида ҳам зарбалар бериши мумкин, аммо фуқаро шахсларга зиён етказмаслик учун нишонлар яхши кўринадиган қулай шароитни афзал билади, дея қўшимча қилди нашр манбалари.
Зарба бериш учун қайси нишонлар танланганига аниқлик киритилмади.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига номаълум учувчисиз учар қурилма ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу Ғазо секторида уруш бошланганидан буён америкаликлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир.
Кейинроқ АҚШ ҳужумга жавоб кўрсатиш учун бир нечта вариантларни кўриб чиқаётгани маълум бўлди. Шунингдек, Пентагон раҳбари Иорданияга қилинган ҳужумга қарши жавоб бўлишини ваъда қилди.
Шарҳлар