,

АҚШда суд “Эпштейн рўйхати”нинг биринчи қисмини ошкор қилди

Джеффри Эпштейн
Фото: CNN

АҚШда суд жинсий хизматлар савдоси ва вояга етмаганлар билан муносабатларда айбланган америкалик молиячи Жеффри Эпштейннинг иши билан у ёки бу тарзда боғлиқ бўлган исмларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг биринчи партиясини чоп этди.

Ҳужжатларни эълон қилиш қарори декабрь ойида катталарни жинсий эксплуатацияга жалб қилишда айбланаётган Эпштейннинг қиз дўсти Гислейн Максвеллга қарши суд жараёни доирасида қабул қилинган.

Нашр этилган ҳужжатлардаги исмларнинг катта қисми аллақачон маълум бўлган. Уларнинг орасида АҚШнинг собиқ президентлари Билл Клинтон ва Дональд Трамп, қирол Чарльз III нинг укаси шаҳзода Эндрю, Нью-Мексико штатининг собиқ губернатори Билл Ричардсон ва модельер Жан-Люк Брюнель бор. Исмлар орасида аввал номаълум бўлганлардан кўзбойлоқчи Дэвид Копперфильд тилга олинган.

Ҳужжатларнинг янги партиялари келгуси ҳафталарда эълон қилинади. Жами 200 га яқин исм ошкор этилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, суд ушбу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси ҳам Эпштейнга қўйилган айбловларга бевосита алоқадор эмаслигини таъкидлайди.

Гислейн Максвеллнинг адвокатлари ҳужжатларнинг эълон қилинишига жавобан, уларнинг мижози «ўз айбсизлигини изчил ва қатъият билан таъкидлаётганини» айтди.

2019 йилнинг 6 июлида Эпштейн ўнлаб қизларни жинсий эксплуатация қилган жиноий тармоқни яратишда айбланиб ҳибсга олинган, уларнинг энг кичиги 14 ёшда бўлган. Ўша йилнинг август ойида у ўз камерасида ўлик ҳолда топилган. Суд тиббий экспертизаси ўлимга ўз жонига қасд қилиш сабаб бўлганини аниқлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.