Абхазия парламенти президент истеъфосини қабул қилди
Абхазия халқ ассамблеяси (парламенти) мамлакат президенти Аслан Бжаниянинг истеъфосини қабул қилди, дея хабар беради Аpsnypress.
Бу қарорга 28 нафар депутат овоз берган, бир нафар депутат қарши овоз берган. Иккита сайлов бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилган. Вице-президент Бадра Гунба давлат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Бжания ҳокимият ва мухолифат вакиллари ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган келишувларга кўра, истеъфога чиқиш ҳақида ариза берган. Намойишчилар бунга жавобан босиб олган ҳукумат биноларини бўшатишга ваъда беришган.
15 ноябрь куни эрталаб Абхазияда намойишчилар республика президенти Аслан Бжаниянинг офиси ва парламент мажлислар залини эгаллаб олишганди. Бинолар олиб қўйилгандан сўнг, Бжания матбуот хизмати Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилувчи қонун лойиҳасининг парламентдан тез орада чақириб олиниши ҳақидаги баёнотни эълон қилди.
Шарҳлар