ACWA Power компанияси Қорақалпоғистонда қиймати 108 млн долларлик шамол электр станциясини барпо этади
17 декабрь куни “ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди. Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазирлиги хабар беради.
Қораўзак шамол электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистондаги биринчи шамол энергетикаси лойиҳаси бўлиб, унинг инвестори очиқ тендер натижаларига кўра танланган “ACWA Power” компанияси бир кВт.соат электр энергияси учун 2,5695 АҚШ цент тарифини таклиф қилиб, тендерда ғолиб чиқди.
Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ташкил этилган “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ компанияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолади. Шунингдек, “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ ва “ACWA Power” компаниялари Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни (GSA) имзоладилар.
Қораўзак туманидаги шамол электр станцияси “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги тўртинчи лойиҳаси ҳисобланади. Компания, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилоятида иккита буғ-газ қурилмасига эга иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкор ҳисобланади.
«Қораўзак шамол электр станцияси учун электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартноманинг имзоланиши мамлакатимиз ва компаниямиз учун яна бир муҳим ютуқ бўлди, чунки бу Ўзбекистон ҳукумати билан ўсиб бораётган алоқаларимизни ва мамлакатнинг энергетика соҳасида либерал бозорга ўтиш жараёнини жадаллаштириш бўйича мажбуриятимизни мустаҳкамлайди», – дея қайд этади “ACWA Power” компанияси ижрочи вице-президенти Том Тирлинк.
Шарҳлар