Адлия вазирлигининг собиқ ходими 1 йил 9 ойга озодликдан чекланди

Фото: Facebook

Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, Адлия вазирлигининг собиқ ходими Facebook тармоғидаги саҳифа ортидан 1 йил 9 ойга озодликдан чекланди.

Унга кўра, Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ ходими Ҳусан Равшанов Facebookдаги саҳифа ортига яшириниб, Адлия вазирлиги мутасаддиларини пора олганликда айблаб, туҳмат қилган ва мулозимларни обрўсизлантирган.

19-декабрда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати ана шу ишни кўриб чиқди. Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан айбланган Равшановни жиноятчи деб топди ва унга нисбатан қуйи инстанция судининг 1 йил 9 ойга озодликни чеклаш жазосини кучда қолдирди.

“Судлов тизимига шармандалик билан кирадиган ишларнинг бири бўлган жараёнда ҳимоячи сифатида қатнашдим. Нега шармандалик? Нега тизимнинг обрўсини ерга урадиган гапларни иддао қилмоқдаман? Равшановнинг тақдири менинг ҳам бошимга тушмайдими? Эшитинг!

Биринчидан, суд лингвистик экспертиза, лексикологик экспертиза, ва ҳоказо, экспертизаларнинг бирортаси “Санжар Каримов” профилидаги ёзувларнинг айнан Равшановники эканига оид қатъий хулоса бермаган.

Иккинчидан, “Санжар Каримов” профили ҳақиқатан ҳам Ҳусан Равшановга тегишлими? Унда нега профил Равшанов қамоқда ўтирган пайтда ҳам ишлаб турди? Ҳозир ҳам ишлаб турибди. (Дўстлигингизда бўлса текшириб кўринг). Агар бир пайтнинг ўзида профилнинг Равшановдан бошқа ҳам фойдаланувчиси бўлса, тергов нега буни аниқламади?

Учинчидан, ИИВнинг тергов изолятори карвонсаройми? Унга жиноят ишининг процессуал иштирокчиси бўлмаган Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Ж.Узоқов, кадрлар бошқармаси бошлиғи Sh.Қўчқоров нега кириб юрибди? Айбланаётган шахсдан тушунтириш ва аризалар олмоқда? Мамлакатда қонунчиликка масъул бўлган Адлия вазирлиги бу ҳолни қандай изоҳлайди?

Тушундимки, суд тергов органининг айбловини шунчаки қонунлаштириб берувчи орган экан. Одил судлов ҳақидаги ҳом хаёлларга, чўпчакларга энди ишонмайман. Чунки юқоридаги саволларнинг барчасини судда гувоҳ сифатида сўралган адлия ходимлари, экспертлар, гувоҳларга бердик. Жараёнда ишнинг сохта эканини суд ҳайъатининг онг-шуурига етиб борадиган даражада исботладик.

Бироқ суд ҳукмни кучда қолдирди, тергов органи, адлия ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бермади. Юқори инстанция судидан ҳам умид қилаётганимиз йўқ, албатта юқори бундан яхши бўлганида қуйи тизим бундай бўлмасди”, — дея фикрларини баён қилган инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Ташанов.

Аввалроқ Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик адвокат Абдумалик Абдуллаев ходим озод этилганини маълум қилган.

Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов 2023-йил 3-феврал куни ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан 5-феврал куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.