Тошкентда МДҲ иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Тошкент шаҳри юридик дипломатия марказига айланади. Ўзбекистон пойтахтида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгашининг 18-мажлиси бўлиб ўтади. Унда Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирлари иштирок этади
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Йўлдошева шу ҳақда маълумот берди.
– МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгаши МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2005 йил 26 августдаги қарори билан адлия вазирликлари ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Адлия вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши 2006 йил 12 апрелда Москвада бўлиб ўтган. 2006 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда кенгаш томонидан 17 та йиғилиш ўтказилиб, юздан ортиқ қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2019 йил 19 ноябрда кенгаш аъзолигига кирди. 2024 йил 1 январдан бошлаб Адлия вазири Акбар Тошқулов МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашига раислик қилмоқда.
16 октябрь куни Тошкентда МДҲ иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгаши йиғилишидан олдин экспертларнинг ишчи йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилишда Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирликлари вакиллари иштирок этади. Экспертлар Адлия вазирлари кенгашимажлиси кун тартибида белгиланган қарорлар лойиҳалари ва ҳужжатларни муҳокама қилади.
МДҲ иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгашининг 18-мажлиси нафақат қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш, балки миллий даражада қабул қилинган муваффақиятли амалиётлар ва ҳуқуқий ечимлар билан ўртоқлашиш имконияти сифатида қаралмоқда.
Кун тартибидан Ҳамдўстлик маконида ҳуқуқий маърифат, жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, тарбиялаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати сифатини ошириш, МДҲга аъзо давлатлар адлия вазирликлари ўртасида ахборот алмашишнинг ягона электрон тизимини яратишга қаратилган кенг кўламли масалалар ўрин олган.
Бир қатор муҳим ташкилий масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Хусусан, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Адлия вазирлари кенгашидаги раислиги якунлари сарҳисоб қилинади. Илгари қабул қилинган қарорлар ижроси кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, кенгашнинг 10 та қарори, МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг 2025 йилга мўлжалланган асосий тадбирлар режасини имзолаш режалаштирилган.
МДҲ иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгашининг 18-мажлиси якунлари бўйича МДҲ адлия вазирликларининг 2024 йилдаги ўзаро ҳамкорлиги таҳлилини кўриб чиқиш; кенгаш доирасида келгусидаги ҳамкорлик учун аниқ истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш; 2025 йилда ҳуқуқ ва адлия соҳасида амалий ишлар ва ўзаро ҳамкорликни белгилаш кабилар кутилмоқда.
Ахборот-ҳуқуқий тизимларни ривожлантириш ва жорий этиш, адлия тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, МДҲга аъзо давлатлар адлия вазирликлари ўртасида ахборот алмашишнинг ягона электрон тизимини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Шарҳлар