«Адолат» партияси «Миллий тикланиш»ни сайловолди дастурини кўчирганликда айблади
Ўзбекистон президентлигига номзод, “Миллий тикланиш” партияси марказий кенгашининг раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, депутат Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблашмоқда. Бу борадаги баёнот “Адолат” социал-демократик партиясининг сайтида чоп этилган.
Баёнотда “Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Қодиров президентликка номзод сифатида ўзининг сайловолди дастурида “Адолат” СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчиргани ҳақида айтилади.
“Адолат” СДПга кўра, “Миллий тикланиш” ДП раҳбари қуйидаги ислоҳотларни ўғирлаган:
– “…фаолият кўрсатаётган жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш…”;
– “…жазони ижро этиш муаассалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади”;
– “…мустақил тергов қўмитаси ташкил этилади”.
“Кўп партиявийлик тизимида ҳар бир сиёсий партия ўз сўзига эга бўлиши жуда муҳим. Чунки жамиятда, омма онгида қарашлар турлича бўлиб, халқ шунга ҳамоҳанг равишда ўз сиёсий диди, мақсад-муддаолари акс этган сиёсий кучни қўллаб қувватлайди, ортидан эргашади”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар