Адолат СДП: “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш тарафдоримиз
Мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар доирасида кўплаб янги кафолатлар белгилаб берилди. Жумладан, Конституциянинг 55-моддасида “ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”лиги кафолатланди.
Мазкур конституциявий кафолатни амалга ошириш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш таклиф этилмоқда. Бу мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракати туфайли етказилган зарарни қоплашга қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари олий қадрият, деган тамойилга тўла мос келади.
Тан олиш керакки, сўнгги вақтларда турли мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларга, тадбиркорларга зарар етмоқда. Шу йилнинг биринчи ярмида мингга яқин мансабдорларнинг хатти-ҳаракатлари маъмурий судлар томонидан қонунга хилоф, деб топилган.
Партиямиз таклиф этаётган Қонун бир нечта асосларга кўра долзарбдир.
Биринчидан, мазкур кафолатнинг рўёбга чиқарилиши ҳуқуқий давлат концепциясига мос келади (ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатувчи муносабатлар қонун билан тартибга солинади).
Иккинчидан, қонун барча учун баробар эканлиги, яъни давлатнинг ҳам бошқалар каби жавобгарлиги белгиланади.
Учинчидан, мазкур таклиф айрим амалдорлардан азият чеккан шахсларнинг ҳуқуқларини тиклашга ҳуқуқий замин яратади.
Шарҳлар