Афғонистонда «Жиҳод қадриятларини сақлаш» бўйича янги бошқарма ташкил этилди

Foto: ochiq manba

Афғонистоннинг Ахборот ва маданият вазирлиги бу ҳафта мамлакатда Жиҳод қадриятларини сақлаш бошқармаси ташкил этилганини эълон қилди.

Ахборот ва маданият бўйича вазир вазифасини бажарувчи Хайруллоҳ Хайрхў маълум қилишича, ушбу бошқарма жиҳод қадриятлари ва унинг тарихини сақлаб қолиш вазифасини бажаради.

Бошқарманинг асосий вазифалари:

Аудиовизуал материаллар ишлаб чиқариш: Жиҳод қадриятлари ва тарихини ёритувчи материаллар тайёрлаш.

“Жиҳод музейи” ташкил этиш: Афғонистоннинг Британия, Совет Иттифоқи ва АҚШ билан бўлган урушларидан қолган тарихий ашёларни йиғиш ва архивлаш.

Тарихий воқеаларни ҳужжатлаштириш: Жиҳодга оид тарихий воқеаларни изчил равишда ёзиб бориш.

Хайрхўнинг сўзларига кўра, жиҳод музейи нафақат пойтахт Кобулда, балки бошқа вилоятларда ҳам ташкил этилади. Ушбу музейларда жиҳод билан боғлиқ асарлар йиғилади ва намойиш этилади.

Лойиҳанинг мақсади жиҳод тарихини келажак авлодларга етказиш ва Афғонистоннинг хорижий кучларга қарши мустақиллик учун олиб борган курашини ёритиш дейилади хабарларда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.