Германия афғонистонлик қочқинларни Ўзбекистон орқали ватанига қайтармоқчи
Германия Тошкент билан афғонистонлик қочқинларни Ўзбекистон орқали ўз ватанига қайтариш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Германия мансабдорларидан иборат делегация май охирида Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезернинг топшириғи билан, “миграция ва депортация пакти”ни муҳокама қилиш учун Тошкентга келган. Германияда бошпана бериш рад этилган ва у ердан депортация қилинган “чекланган сондаги” афғонистонликлар Ўзбекистонга юборилиши, Тошкент эса уларни қўшни Афғонистонга жўнатиши режалаштирилмоқда. Кобулга рейсларни “хусусий авиакомпания” амалга оширади. Бу Германияга “Толибон” радикал ҳаракати билан музокаралардан қочиш имконини беради, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати Берлиннинг таклифини ўрганиб чиқмоқда. Улар келишув Ўзбекистондан Германияга “малакали ишчилар”га қонуний миграция қилиш имконини берувчи “икки томонлама низом”ни ўз ичига олишини истамоқда, дейилади Bloomberg хабарида.
Шарҳлар