Air Marakanda ва China Southern Airlines авиакомпаниялари Самарқанд ва Урумчи ўртасида тўғридан-тўғри авиаалоқани йўлга қўйди

Фото: Air Marakanda

Air Marakanda авиакомпанияси China Southern Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликни бошлади, бу ҳамкорлик доирасида тарихда биринчи марта Урумчига парвоз амалга оширилди. Авиакомпания Хитойдан Самарқандга парвозлар амалга оширадиган биринчи ташувчига айланди. Буни Air Marakanda матбуот хизмати Anhor.uz нашрига маълум қилди.

Урумчига биринчи парвознинг тантанали очилиш маросими Самарқанд халқаро аэропорти терминалида бўлиб ўтди, бу ерда Урумчига биринчи рейс йўналишидаги йўловчилар учун махсус фотозона, ширинликлар билан чой маросими, Самарқанд ипак қоғозида бажарилган хитойча каллиграфик ёзувлар ҳудуди ташкил этилди.

Биринчи парвозни очиш маросимида Air Marakanda компанияси ва China Southern Airlines вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Рустам Қобилов иштирок этдилар.

Анъанага кўра, самолётни Самарқанд аэропорти майдонида сув рпвоғи билан кутиб олдилар, Хитойдан келган биринчи йўловчиларни эса карнай ва сурнай оҳанглари остида мусиқачилар муборакбод этишди.

Тадбир доирасида шунингдек, Air Marakanda бош директори Антон Хожаян, Air Marakanda савдо бўйича ўринбосари Артём Пак, Давлат бошқаруви академияси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Рустам Қобилов ҳамда China Southern Airlines вакили Шэн Йи иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида иштирокчилар Самарқанд билан Урумчи ўртасидаги ўрнатилган авиаалоқанинг катта салоҳиятини, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги туризм ва савдо соҳаларини ривожлантиришдаги келажакдаги истиқболларни муҳокама қилишди. Бундан ташқари, иштирокчилар яқин келажакда Хитойдан Самарқандга янги йўналишлар очиш режаларини маълум қилишди.

Эндиликда Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ бўлган Синьцзян-Уйғур Мухтор Районига Самарқанддан ҳар душанба куни соат 01:30 да учиб кетиш мумкин. Урумчи халқаро аэропортидан Самарқандга қайтиш рейси ҳар якшанба куни соат 23:20 да режалаштирилган. Барча парвозлар Boeing 737-800 замонавий самолётларда, икки тоифали бизнес класс ва эконом класс тарзида амалга оширилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.