Ҳайдовчи қуёш кўзини қамаштиргани сабабли пиёдани кўрмай қолган натижада ЙТҲ содир бўлди
Ижтимоий тармоқларда Матиз автомобили ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган аёлни уриб юборган видеотасвир тарқалди. Ҳодиса натижасида аёл енгил тан жароҳати олиб, қисқа муддатли соғлиғи бузилишига учради.
Бухоро шаҳар суди 39 ёшли ҳайдовчи N.Z.ga нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири суд қарорига таянган ҳолда.
Суд материалларига кўра, ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётганда Йўл ҳаракати қоидаларининг 2.11-банд «г» қисми, 3, 77 ва 109-моддалари талабларини қўпол равишда бузган. У йўлни кесиб ўтаётган пиёдани ўтказиш учун тезликни камайтирмаган ва тўхтамаган.
Судда ҳайдовчи, йўлнинг пиёдалар йўлагида қуёш кўзини қамаштиргани сабабли пиёдани кўрмай қолганини айтди. У воқеа жойида жабрланувчини дарҳол шифохонага етказганини ҳам қўшимча қилди.
Суд қарорига биноан, Н.З. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси 1-қисми (Транспорт воситаси ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, жабрланувчига энгил тан жароҳати етказиши ёки жиддий моддий зарар келтириши) бўйича айбдор деб топилди. Унга 6 БҲМ миқдорида, яъни 2 миллион 40 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Шарҳлар