Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилганлар томонидан содир этилган ЙТҲларда 212 киши ҳалок бўлган
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов 2024 йилнинг июл ойида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига янги тайинланган Шерзод Ибрагимов ҳамда соҳа масъуллари билан учрашиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни муҳокама қилди.
Мулоқот давомида жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайишига эришилгани, бироқ, йўл-транспорт ҳодисалари ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ҳанузгача юқорилигича қолаётгани қайд этилди.
Шунингдек, 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 млн 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилганини алоҳида таъкидланди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига қарамай, қайтадан рулга ўтирган шахслар 707 та йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Бунинг оқибатида 212 нафар шахс ҳалок бўлган ва 546 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Умуман олганда, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинганлар умумий ҳайдовчилар сонининг 0,3 фоизини ташкил қилгани ҳолда, улар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари умумий ЙТҲларнинг 11 фоизига тўғри келган.
Шарҳлар