Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
Сирдарё вилоятида фуқаро А.П. фуқаролар И.И. ва O.A.нинг ишончига кириб, уларга гўёки Тошкент шаҳридаги танишлари ёрдамида ўқув машғулотларига қатнашмасдан имтиҳонлардан ижобий ўтказиб бериб “Б.” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 400 АҚШ доллари ва 2,5 млн сўмни олган вақтида ушланган.
«Гулистон шаҳрида эса, “С.А.”автомактаби ходими И.Н. фуқаро M.A.гa танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига ўз хизмат хонасида 3 млн сўмни олган вақтида қўлга тушган», – дейилади хабарда.
Навоий вилояти Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Б.Д. фуқаро M.Ж.нинг ишончига кириб, унга гўёки вилоят ИИБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган пайтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар