Аэропортда “Ҳамса” номи остида капсулали меҳмонхона иш бошлади

Фото: Anhor.uz

Пойтахт аэропортининг жўнаб кетиш терминалида меҳмонхона расман ўз фаолиятини бошлади. Очилиш маросимида “Uzbekistan Airports” компанияси вакиллари, меҳмонхона оператори, журналистлар ва блогерлар иштирок этди, деб хабар беряпти жараёнда қатнашган Anhor.uz журналисти.

Меҳмонхона жўнаб кетиш терминалининг кутиш залида, “Арт Базар” мажмуасининг чап томонида жойлашган. Меҳмонхона икки қаватдан иборат бўлиб, 24 та кичик-хоналардан ташкил топган. Улардан 23 таси стандарт, биттаси люкс хона бўлиб, оилавий йўловчилар учун мўлжалланган.

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Хоналар тўлиқ ўлчамли бир кишилик ётоқ ва минимал жиҳозлар — чироқ, ойна, кийим илгич, қўл юки учун жавон, стол билан жиҳозланган кичик шинам кабиналар каби қурилган. Меҳмонхонанинг моҳияти шундаки, йўловчи трансфер пайтида аэропортдан чиқмасдан ёки транзит зонасини тарк этмасдан бу ерда бир неча соат қолиши мумкинлиги таъкидланди, очилиш маросимида.

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

E-auksion.uz электрон платформасидаги савдолар орқали умумий майдони 240 кв.м бўлган меҳмонхона хусусий компания бошқарувига ўтказилди ва Khamsa hote бренди остида фаолият бошлади. Оператор томонидан белгиланган меҳмонхонадан фойдаланиш тарифлари фойдаланиш муддати ва хона классига қараб амалга оширилади.

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

“Меҳмонхона, асосан, транзит зонадаги, учинчи давлатга учиб кетадиган йўловчилар учун қулайлик яратади. Бундан ўз фуқароларимиз ҳам вақтлироқ келишганида ёки рейслар кечиктирилганида фойдаланишлари мумкин. Меҳмонхонамизни исталган тегишли сайт орқали брон қилиш мумкин. Ҳар бир хона индивидуал бортга таклиф қилиш тизими билан жиҳозланган”, — деди тадбиркор Абдуқаюм Абдуллаев.

Келгусида Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона аэропортларида ҳам шундай меҳмонхоналар очилиши режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, меҳмонхона тармоғига “Ҳамса” деб ном бердик, дейди ташкилотчилар.

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Меҳмонхона дизайни шарқона услубда таниқли маҳаллий рассом Бобур Исмоилов томонидан яратилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.