Аэропортнинг “Яшил” йўлаги орқали заргарлик буюмларини яширинча олиб киришга уринишди
Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини шахсий эхтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари мумкин. Хоразм вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Истанбул-Урганч” йўналиши бўйича учиб келган фуқаро И.Бнинг божхона чегарасини “яшил” йўлак орқали кесиб ўтаётиб, ўзини тутиши ва безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Қаранг-ки, И.Бга тегишли бўлган қўл сумкаси рентген аппаратидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган, декларацияланиши лозим бўлган 237,35 грамм оғирликдаги олтин ва кумуш қотишмасидан ясалган заргарлик буюмларини яширгани фош бўлди.
Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, мазкур заргарлик буюмларининг умумий қиймати 81 млн. 947 минг 514 сўмни ташкил этди.
«Ушбу шахс амалдаги тартибларни яхши билса-да, ўзи учун жорий қилинган бу қулайликни ноқонуний даромад орттириш илинжида суиистеъмол қилишга уринган. Яъни, Урганч халқаро аэропортида “яшил” йўлак орқали тилла ва заргарлик буюмларини олиб ўтишга уринган қоидабузар тўхтатиб қолинди. Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилган», деилади хабарда.
Янги тизимни жорий этишда энг аввало юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш кўзланган.
Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга кириб келаётган йўловчилар “яшил” йўлакдан фақат қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлмаган товарларни олиб ўтишлари мумкин. Яъни “яшил” йўлакдан ўтиш жисмоний шахснинг ёнида ортиқча товар-моддий бойликлари йўқлигини божхона органларига оғзаки декларациялаганини англатади.
Таъкидлаш жоизки, “Урганч халқаро аэропорти” орқали ҳар суткада дунёнинг турли шаҳарлари бўйлаб, ўртача 10 дан ортиқ халқаро авиарейслар амалга оширилади. Бир кунда ўртача 1-1,5 минг нафар йўловчилар ҳаракатланаётган бўлса, шуларнинг тахминан 95 % божхонадан яшил йўлак орқали ўтишмоқда.
Демак, кўриниб турибди-ки, уларнинг барчасини бирма-бир божхона назоратидан ўтказиш жараёнига қамраб олишнинг имкони йўқ. Шундай экан, бу вазиятда божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда фуқаролардан ҳам божхона қонунчилигига қатъий риоя қилишлари талаб қилинган.
Шарҳлар