Аёз ва қор “Самарқанд” аэропортининг фаолиятини чеклаб қўйди
Бугун маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4:20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чеклов жорий этилди. Сўнгги маълумотларга кўра, кўриниш 1000 м гача, мўътадил қор, ҳаво ҳарорати -5, илашиш коэффициенти – 0,28. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компаниясининг матбуот хизмати хабар беради.
Шу сабабли, “Аэрофлот” авиакомпаниясининг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича SU-1874 рейси ва Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйича Turkish Airlines ТК-372 рейси Тошкентдаги захира аэродромга йўналтирилди. Fly Dubai авиакомпаниясининг борти об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03:07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлди. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикганлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16:15 га кечиктирилди.
Ҳозирда аэропортнинг ерда хизмат кўрсатувчи ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда – бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича чекловларни маҳаллий вақт билан соат 13:00 гача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейилади хабарда.
Шарҳлар