Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади
Ҳукуматнинг 7 октябрдаги 745-сон Қарори билан «Умумий овқатланиш, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида»ги Вақтинчалик Низоми тасдиқланди.
Вақтинчалик Низомга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига – бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ойлик товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмасининг нақд пулсиз қисми:
➖60 фоиз ва ундан юқори бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 40 фоизи;
➖60 фоиздан кам бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.
Тадбиркорлик субъекти солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилишга ҳақли.
Солиқнинг бир қисми қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда автоматик равишда қайтарилади:
🔸ҳисобот даврида солиқ бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботига мувофиқ ҳисобланган солиқ бюджетга тўлиқ тўланганда;
🔸ҳисобот даврида умумий овқатланиш, туроператорлик ёки меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича умумий товар айланмаси жами товар айланмасининг 90 фоизидан кам бўлмаганда;
🔸ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида реализация қилинган товарлар (хизматлар) номенклатураси ҳамда фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига ёки амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлган идентификация кодлари акс эттирилган қисмига нисбатан.
Вақтинчалик Низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Шарҳлар