Айрим вилоятларда болаларни мактабгача таълимга қамров кўрсаткичлари пасайди
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мактабгача таълим ташкилотлари сони 37 минг 548 тага, қамров кўрсаткичи 74,6 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов тизими қамрови 93 фоизга етказилган. 500 та мактабда жорий этилган янги баҳолаш тизими натижасида мазкур мактаблардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 6 фоизга ошган.
Тизимдаги 210 минг 444 нафар раҳбар ва педагог кадрлар малакаси оширилган. 190 минг нафар ўқитувчи янги тартиб асосида малака тоифаларини бериш синовларига жалб этилган. “Менежерлик ўқув курси”да 1 минг 319 нафар директорликка номзод ўқитилиб, уларнинг 834 нафарига сертификат берилган.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда тизимдаги мавжуд камчиликлар ва амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, республикадаги айрим ҳудудларда, жумладан, Андижон, Жиззах, Самарқанд вилоятларида болаларни мактабгача таълимга қамров кўрсаткичлари йил бошига нисбатан сезиларли даржада тушгани танқид қилинди.
Шу сабабли йил якунига қадар мактабгача таълимга қамров даражасини 76 фоизга етказиш, янги ўқув йилидан бошлаб 1 минг 300 та таянч мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш, шу билан бирга “Касбий ривожланиш соати” ва “Касбий ривожланиш куни” тадбирлари ҳамда ментор-ўқитувчиларни ўқитиш ишларини тўғри ташкил қилиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Йиғилиш давомида ҳар бир раҳбар олдига тегишли йўналишларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Шарҳлар