Акбар Султанов “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимига сайланди

Foto: uzcharm

25 ноябрь куни “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва унга аъзо тадбиркорлик субъектларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Чарм саноат корхоналарининг умумий йиғилишида саноатнинг ривожланиши, фаолиятни самарали ташкил этиш, янги лойиҳалар ва стратегик вазифалар муҳокама қилинди. Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал этиш, ресурсларни тақсимлаш ва давлатнинг бу соҳадаги сиёсатини амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда соҳани ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва 2024 йил учун белгиланган мақсадли параметрлар юзасидан уюшма кенгашига ва тадбиркорларга ҳисобот берилди. Чарм-пойабзал ва мўйна саноатига бугунги кунда давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йиғилишда чарм-пойабзал соҳасини мамлакат саноатининг драйвери сифатида ривожлантиришга қаратилган вазифалар белгиланди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Унда уюшмага аъзо корхоналар томонидан “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимига Султанов Акбар Анваржонович бир овоздан тасдиқланди. Шунингдек, уюшма кенгашининг янги таркиби сайланди.

Йиғилишда 2024 йил учун ажратилган харажатлар таҳлил қилинди ва тегишли сметалар тасдиқланди. Тадбиркорларнинг таклифига кўра, корхоналарга хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, хорижий кўргазмаларда маҳаллий корхоналаримиз иштирокини таъминлашда харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш механизмлари жорий этилиши белгиланди.

Ўзбекистон Халқ банки раиси бошчилигида чарм саонаоти корхоналари учун ишлаб чиқилиган кредит линялари ва янги турдаги банк хизматлари бўйича тақдимот ўтказилди. Тадбиркорлар билан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг молиявий жиҳатлари муҳокама этилди.

Шунингдек, 2024-2025 йилларга мўлжалланган чарм-пойабзал ва мўйна саноатини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди. 2024 йилда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард квадрат дециметр, пойабзал маҳсулотларини 205 миллион жуфтга, чарм-атторлик маҳсулотларини эса 143 миллион донага етказиш чоралари белгиланди. 2025 йилга келиб, бу кўрсаткичлар янада оширилиши кўзда тутилган.

Умимий йиғлишда соҳа корхоналари олдида турган масалалар кўриб чиқилиб, уларга ижобий ечим топиш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.