Акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Глинка кўчасидаги савдо дўкони сотувчиси З.Қ. харидорга 2 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу савдо дўконида савдога қўйилган хорижда ишлаб чиқарилган турли номдаги жами 6 547 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Ёзёвон тумани бўлими ва ДХХнинг чегара қўшинлари ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда, қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган Ш.Х. ва бошқалар хорижда ишлаб чиқарилган Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан маркаланмаган умумий баҳоси 51,7 млн сўмлик жами 2 250 қути “Эссе Чанге” номли тамаки маҳсулотини сотиш мақсадида Фарғона тумани ҳудудига олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар