Ҳиндистон Ўзбекистонда электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи компанияларидан бири – “KLJ Group” бошқарувчи директори Ҳемант Жаин билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқлари, жумладан, кимё ва нефть-кимё соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди. Хорижлик ҳамкорлар ва инвесторлар фаолияти учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар самарасида иқтисодиётнинг турли жабҳаларида ҳаётга тадбиқ этилаётган қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳемант Жаин Ўзбекистондаги тарихий ўзгаришлар жараёнидан яхши хабардорлигини билдириб, электр автомобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқариш, иссиқлик электр станциялари барпо этиш ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишларда биргаликдаги фаолиятни йўлга қўйиш режалари билан ўртоқлашди.
Томонлар, шунингдек, ўзаро муносабатларнинг бошқа истиқболлари йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
«KLJ Group» гуруҳи кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари, минерал ўғитлар, истеъмол ёғи ва бошқа юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания Ҳиндистондан ташқари Қатар ва Таиландда саноат корхоналари фаолиятини ташкил қилган.
Шарҳлар