Александр Лукашенко ўзининг Ўзбекистонга ва Шавкат Мирзиёевга муносабати ҳақида гапириб берди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Беларусда бўлиб турибди. 5 сентябрь, сешанба куни Танзила Нарбаева президент Александр Лукашенко билан учрашди, деб ёзади “Газета” нашри “БелТА”га таянган ҳолда.
БелТА Александр Лукашенконинг учрашувидан иқтибослар келтиради. Беларусь раҳбари ушбу ташриф Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда амалга оширилаётганини таъкидлади. «Кўп ишлар қилинди, бироқ халқаро муносабатлар дарз кетган паллада яхшиланиш учун имкониятлар бор», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Беларусь муносабатларни ривожлантиришга ва ҳар қандай технологияни баҳам кўришга тайёр. Давлат раҳбари икки давлатнинг самарали ҳамкорлиги ҳамда халқаро платформалар ва минтақавий бирлашмаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини алоҳида таъкидлади, Беларуснинг ШҲТ аъзолигига жадал суръатда кириши масаласида кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
«Биз сизни доим қўллаб-қувватлаймиз, чунки сизнинг тинчликсеварлик, қўшнилар ва бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар йўлингиз бизнинг ҳам йўналишимиздир», — деди Александр Лукашенко.
Давлат раҳбари Беларусда Ўзбекистонга ва асосан беларусликларга ўхшаган ўзбекларга нисбатан жуда илиқ муносабат борлигига эътибор қаратди — улар ўз тарихида кўп синовларни енгиб ўтишга мажбур бўлган жуда меҳнаткаш халқдир, деб ёзади БелТА.
Александр Лукашенко узоқ вақтдан бери Ўзбекистон тараққиётини диққат билан кузатиб келаётгани ва Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлгани халқнинг омади эканига ишонишини айтди: «Сизда жуда яхши президент бор. Мен унинг кўзларига қараб туриб ҳам айтаман: сенга ишонган халққа панд бермаслигинг керак».
«[Халқ] қайси маънода омадлики, у Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳаётини яхшиламоқчи», — дея қўшимча қилди Беларусь раҳбари. — Ўзбекистоннинг келажаги буюк. Сизга маслаҳатим: президентингизни имкони борича узоқроқ сақлаб қолинг. Унга вақт керак».
Александр Лукашенко Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганини айтиб ўтди. У қишда мамлакатнинг тоғли ҳудудларига келишини хоҳлашини билдирди: «Яқин кунларда қочиб, сизнинг тоғларингизга ташриф буюришга ҳаракат қиламан».
Ўз навбатида, Танзила Нарбаева Ўзбекистон президентининг саломи ва мамлакатга ташриф буюриш таклифини етказди. БелТАнинг ёзишича, Беларусь раҳбари Ўзбекистонда шу йил охири ёки келаси йил бошида келиши кутилмоқда.
Шарҳлар