Қалин туман Наманган, Андижон ва Навоий аэропортларининг фаолиятини чеклаб қўйди
Бугун эрта тонгдан Наманган, Андижон ва Навоий аэропортларида қалин туман сабабли самолётлар парвоз қила олмаган ва қўна олмаган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар беради.
Наманган аэропортидаги қалин туман сабабли (кўриниш 150 метрга яқин) «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан учиб келган AFL602 рейси соат 07:05 да қўна олмаган ва Тошкентдаги захира аэродромга учиб кетган.
«Айни пайтда авиакомпания йўловчилар учун овқат ва меҳмонхона тақдим этган. Самолёт Тошкентдан Наманганга маҳаллий вақт билан соат 18:40 да парвоз қилади», – дея қайд этади компания.
Шунингдек об-ҳаво шароитлари сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент – Наманган – Новосибирск йўналиши бўйича HY3669/69 рейси ҳам ушланиб қолган, у Наманганга маҳаллийй вақт билан соат 10:35 да етиб келиши керак эди. Айни пайтда борт ҳамон Тошкентда. Дастлабки маълумотларга кўра, Тошкентдан парвоз соат 13:35 да амалга оширилади.
Бундан ташқари, қалин туман Андижон ва Навоий аэропортларида ҳам кузатилган. Бу пайтда рейслар жадвалига мувофиқ парвозлар бўлмаган. Ҳозир туман деярли тарқалган бўлиб, аэропортлар рейсларни қабул қилишга тайёр.
Шарҳлар