Анқарада Алишер Навоий ҳайкали очилди

Foto: “Dunyo” AA

Туркияда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги тадбирлари доирасида Анқара шаҳри Кечиўрен туманида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Кечиўрен тумани ташаббуси билан ўтказилган тадбирда, Туркия Ташқи ишлари вазирлиги, ТУРКСОЙ ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган элчи Алишер Аъзамхўжаев Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилишида ҳисса қўшганлар, жумладан, Кечиўрен тумани ҳокимлиги ҳамда Башкент университети Алишер Навоий тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзалга алоҳида миннатдорлик билдирди.

«Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк бобомизнинг бой ва серқирра меросини чуқур ўрганиш, унинг барҳаёт фикр-ғояларини юртимиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Бу борада 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти таклифлари билан 2021 йилда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий халқаро мукофоти таъсис этилди. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди тузилди. Келгуси йилларда хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш мақсадида, Алишер Навоий халқаро институти ва унинг хориждаги филиалларини очиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул ва Боку шаҳарларида Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилган. Бинобарин, Анқарада буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкалининг очилиши нафақат бизлар учун, балки Туркиядаги барча биродарларимиз, ҳаттоки бутун туркий дунёдаги қардошларимиз учун катта шараф эканига чин дилдан ишонаман», — деди элчи.

Тадбир давомида Алишер Навоий рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиб берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.