Алишер Қодиров Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятидан одамлар бехабарлигини айтди
21 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров Ёшлар ишлари агентлиги фаолияти ҳақида гапирди.
Депутат агентлик томонидан муҳим ва зарур ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади, бироқ айни пайтда агентлик раҳбариятини ўз фаолиятидан аҳолини етарлича хабардор қилмаётгани учун танқид қилди.
Қодировнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган лойиҳалардан аҳоли кам маълумотга эга, айниқса, чекка ҳудудлардаги ёшлар Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ва берилаётган имкониятлардан умуман хабардор эмас.
Сиёсатчи парламент ва агентлик ўртасида фуқаролар учун тушунтириш ишларини олиб боришни таклиф қилди. Бундан ташқари, Алишер Қодиров агентлик директори Алишер Саъдуллаевга ёшларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришни сўради.
Аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси раҳбари ўзбек тилини билмаганларга давлат хизматларидан фойдаланишни тақиқлаш кераклигини айтганди.
Шарҳлар