Фуқоро яширин тарзда алкоголь ишлаб чиқариш орқали автомобиллар харид қилган
Деҳқонобод туман прокуратураси, ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.У. ўз уйидан 6 000 дона «SHAHRISABZ» номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотини «Isuzu» русумли юк автомашинасида Навоий вилоятида ўтказиш учун олиб кетаётган вақтида ЙПХ масканида тўхтатиб қолинган.
Ушбу маҳсулотларнинг манбасини аниқлаш мақсадида давом этган тадбирда, Шаҳрисабз шаҳри «Кунчиқар» МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи О.Ш. ўз уйида қўлбола алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этганлиги ва унинг орқасида “Nexia-3”, “Damas” ва “Lacetti” русумли автотранспорт воситаларини харид қилганлиги аниқланган.
“Ушбу яширин цехдан жами 2 568 дона “SHAHRISABZ” ва “Русская” номли қўлбола алкоголь маҳсулоти, 1 796 дона қалбаки акциз марка, 920 литр спирт, 6 500 дона ёрлиқ ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товарлар далил сифатида олинди”, – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар