Баҳорги аллергия аломатлари қандай бўлади
Дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари иммун тизими заиф кишиларда аллергияга мойилликни юзага келтириши мумкин. Асосан ушбу мавсумий аллергия 20 микрометрдан 50 микрометргача бўлган ўсимлик чангчалари туфайли пайдо бўлади ва тиббиётда поллиноз деб аталади. У бурун шиллиқ пaрдaлaри, юқoри нaфac йўллaри ҳамда кўз кoнъюнктивacигa тaъcир кўрcaтaди.
“Бу турдаги хасталикни уч даврга бўлиш мумкин. Илк босқич март ойи бошидан май ойи ўртасигача давом этади. Яъни дарахтлар гуллаган пайтда беморларда хасталик қўзғалади. Иккинчи босқич май ойидан июль охири ва август бошигача кузатилади. Бу мавсумда дала ўтлари гуллайди. Учинчи босқич бошоқли ўсимликлар гулга кириши билан боғлиқ бўлиб, у август ойидан ноябргача бўлган даврни ўз ичига олади”, – дейилади хабарда.
Баҳор ойларида чинор, сарв, қайин, эма, қайрағоч, тол, қарағай, қора терак, шумтол каби дарахтларнинг гуллаши баъзи кишиларда аллергик реакцияларни келтириб чиқаради.
Бу фаслда ҳавода тарқалган гулчанглар, чанг ва моғор миқдори ортиши кузатилиши оқибатида аксириш, бурун битиши ва қичишиши ёки кўп миқдорда оқиши, кўзларнинг шишиши, ёшланиши ва баъзан йўтал каби аломатлар билан баҳорги аллергия белгилари намоён бўлади.
Шунингдек, тери кўчиши, қичишиш, қуруқлашиш, қизариш ва ундаги қизғиш тошмалар ҳам хасталикка хос симптомлардан бири саналади. Бундай вазиятда, албатта, аллерголог мутахассисга мурожаат қилиниши керак. Чунки ўзбошимчалик билан даволаниш аллергияни кучайтириш ёки бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шарҳлар