Алматида қорақалпоқ диаспорасининг фаоллари ҳибсга олинди
Алматида қорақалпоқ диаспорасининг икки фаоли Қўшқарбай Торемуратов ва Жангелди Жақсимбетов қўлга олинди. Улар Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда гумон қилинмоқда, деб ёзади “Медиазона” диаспора аъзоси Ақилбек Муратбайга таянган ҳолда.
Муратбайнинг сўзларига кўра, 13 сентябрь куни соат 19:00 да хавфсизлик кучлари Жақсимбетовни ишдан олиб кетган. Торемуратов соат 22:00 атрофида уйидан олиб кетилган. Орадан бир соат ўтгач, у рафиқасига қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Алматига етиб келганини ва уни экстрадиция қилмоқчи эканлигини айтган. Қўлга олинганлар тунни Алмати полиция бошқармасининг изоляторида ўтказган. Айни пайтда улар қаерда эканлиги номаълум.
Ижтимоий тармоқларда фаоллар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганидан сўнг, Торемуратовнинг рафиқасига ўзини Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги подполковниги деб таништирган эркак қўнғироқ қилган. Қўнғироқ қилган шахс ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари нима сабабдан Алматида ҳибсга олиш ишларини ташкил қилганини ўрганишга ваъда берган.
Ақилбек Муратбай бу ҳибсга олиш ишларини июль ойида Қорақалпоғистонда республика суверенитетини сақлаш учун ўтказилган митинглар билан боғламоқда. «Ўзбекистон ҳукумати ташқаридан норозилик намойишларининг ташкилотчиси деб аталадиган айбдорларни топишга ҳаракат қилмоқда», – дейди диаспора аъзоси.
Унинг қайд этишича, республикадаги норозилик намойишлари чоғида диаспора вакиллари Алмати полицияси, прокуратураси ходимлари томонидан сўроқ қилинган, улар акиматга ва Қозоғистон халқи ассамблеясига суҳбатга чақирилган. 4 июль куни терговчилар Нукус ва Тошкентдан Алматига келишган. “Улар ҳатто Ички ишлар вазирлигиданми ёки махсус хизматларданми, аниқ ҳам айтишмади. Намойишларга қандай муносабатда эканимизни, нега норози эканлигимизни сўрашди ва шу билан бирга Қўшқарбайни экстрадиция қилиш билан таҳдид қилишди”, — дейди Муратбай.
Шарҳлар