Америкага юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979, 1999 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, 6 нафар фуқарога виза ҳужжатларини олиб бериш ҳамда Европа орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш эвазига 32 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар беряпти.
«Терговга қадар текширув давомида юқоридаги шахслардан бири ушбу мақсадда муқаддам 3900 АҚШ доллари олганлиги ҳам маълум бўлди», – дейилган хабарда.
Бухоро шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1997 й.т., муқаддам 3 маротаба судланган шахс алдов йўли 32 ёшли ҳамшаҳарининг ишончига кириб, унга Америка Қўшма Штатлари элчихонасидан тегишли виза олиб, океан ортига ишга юбориш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
«Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚКД билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида яшовчи, 1989 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқарони “Ўзбекистон-Туркия-Португалия-Гватемала-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган», – дейилади.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. шахс Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқарони “Ўзбекистон-Туркия-Испания-Гондурас-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар